Япониянинг ҳуқуқий тизими
Иброҳимов Дилёр
Тошкент Давлат Юридик Институти
МУНДАРИЖА:
КИРИШ
Япония ҳақида умумий маълумот. . . . . . . . . . . . . . . . . . . 3-б
Япониянинг маъмурий-ҳудудий тузулиши. . . . . . . . . . . 4-5-б
АСОСИЙ ҚИСМ
Япон ҳуқуқ тизимининг шаклланиш тарихи. . . . . . . . . . 5-8 б
Конституциялар:
1889 йилдаги биринчи Конституцияси. . . . . . . . . . 8-9 б
1947 йилдаги иккинчи Конституцияси. . . . . . . . . .9-10 б
Император. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 10-11 б
Давлат органлари:
2.4.1 Парламент. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 11-13 б
2.4.2 Вазирлар Маҳкамаси. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 13-14 б
2.4.3 Суд. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 14-18 б
2.4.4 Прокуратура. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 18-19 б
Ҳуқуқшуносларни тайёрлаш. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 19-21 б
Ҳуқуқ тизими. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 22-25 б
Япон жамиятининг ўзига хос хусусияти. . . . . . . . . . . .25-28 б
2.8 Луғат. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 29 б
2.9 Адабиётлар рўйхати. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 30 б
Япония ҳақида умумий маълумот[1]
Япония Осиёнинг шимолида жойлашган орол - давлат бўлиб, ҳудуди 38 минг км2 ( дунёда 60-ўрин ) бўлиб, унинг 73% тоғли ҳудудларга тўғри келади. Япония ҳудудининг 2/3 қисми ўрмон билан қопланган бўлиб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар давлат ҳудудининг 13% ини, аҳоли пункт ерлари эса 5% инигина ташкил этади. Аҳолиси 130 млн. кишидан иборат бўлиб, дунёда аҳолининг кўплиги бўйича 10-ўрин, аҳолининг зичлиги бўйича эса 30-ўринда[2] туради. Япония бўйлаб аҳоли зичлиги 1км2 га 336 кишини ташкил этса, Токионинг 23 та кусида эса бу кўрсатгич 13500 кишига тенг. Японияда эркин иқтисодий зоналар 450 минг км2 дан иборат бўлиб давлат худудидан деярли 12 марта катта. Бу кўрсатгич бўйича Янония жаҳонда 5-ўринни эгаллаб турибди.
Япониянинг худуди жами бўлиб 6852 та ороллардан ташкил топган бўлсада, Япониянинг ҳудудининг асосий қисми тўртта: Хоккайдо, Хоншю, Шикоку, Кюшю оролларидан ( шимолдан жанубга қараб жойлашган кетма - кетлигдаги тартиби ) ташкил топган.
Япониянинг энг катта шаҳри Токио бўлиб, унинг марказидаги алоҳида 23 та ку ( маъмурий - ҳудудий бирлик номи ) даги аҳоли сони 8 млн. 100 минг кишини, Токио атрофидаги ҳудудларни қўшиб ҳисоблаганда 33 млн. кишини ( дунёдаги энг баланд кўрсатгич ) ташкил этади.
Японияда яшовчи чет эл фуқаролари умумий аҳолининг 1.5% ини ташкил этади. Уларнинг асосий қисмини Шимолий ва Жанубий кореяликлар, хитойликлар, тайванликлар, бразилияликлар ва филиппинликлар ташкил этади.
Япониянинг маъмурий-ҳудудий тузулиши
Япония 47 та ТО, ДОУ, ФУ, КЕН деб номланувчи маъмурий - ҳудудий бирликлардан ташкил тапган. Префектураларнинг бундай номланиши тарихдан сақланиб қолинган анъана бўлиб, улар ўртасидаги ваколатларда эса фарқ умуман йўқ. “То” фақат пойтахт – Токиога нисбатан ишлатилиб “Токиото” дейилади. “Доу” ҳам битта бўлиб, Япониянинг шимолидаги орол – Хоккайдога нисбатан, “фу” эса, Япониянинг қадимги пойтахти – Кйото ҳамда Осакаларга нисбатангина ишлатилади. Қолган 43 та маъмурий - ҳудудий бирлик “кен” деб номланади. Ҳар бир тодоуфукенда парламент ташкил этилган бўлиб қонун доирасида норматив ҳуқуқий актлар чиқаради. Тодоуфукеннинг бошлиқлари - “точижи”, “доучижи”, “фучижи”, “кенчижи” лар ҳамда тодоуфукен парламенти аъзолари ўша префектура аҳолиси томонидан тўғридан – тўғри овоз бериш йўли билин сайланади[3].
Тодоуфукен ўз навбатида ШИ (уларнинг сони 779 та), ЧОУ (уларнинг сони 844 та), СОН (уларнинг сони 197 та) деб номланувчи майда маъмурий - ҳудудий бирликларга бўлинган. Шиларнинг қуйидаги турлари мавжуд:
ҳукумат томонидан ташкил этиладиган; - 15 та
марказий; - 36 та
махсус; - 39 та
оддий. - 779 та
Қоида тариқасида ши аҳолиси 50 мингдан зиёд бўлган ҳудудларда ташкил этилади. Аҳоли сони 1 млн. дан кўп шилар ҳам мавжуд бўлиб, улар ваколати жихатидан тодоуфукенларга яқин туради ва “КУ” деб номланувчи маъмурий - ҳудудий бирликларга бўлинади. Бундай шилар ҳукумат томонидан ташкил этилади. Ичи, мачи, мураларда ўзини ўзи бошқариш органлари ташкил этилган бўлиб, улар қонун доирасида норматив ҳуқуқий актлар чиқарариши мумкин. Ичи, мачи, мура ҳокимлари, ўз навбатида маъмурий - ҳудудий бирликларнинг номланишидан келиб чиққан ҳолда, “шичоу”, “чоучоу”, “сончоу” деб аталади. Ичи, мачи, мура ҳокимлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари аъзолари маҳаллий аҳоли томонидан тўғридан – тўғри овоз бериш йўли билин сайланади[4].
Япон ҳуқуқининг шакилланиши[5]
Япон ҳуқуқининг шакилланишида даставвал Хитой ҳуқуқининг таъсири катта бўлган. Хусусан, 7 аср ўрталари 8 асрда Хитойнинг тан империяси қонунлар тўплами – “Ритсу-рё” ни ўзлаштиришган. Бу қонунлар тўпламининг ўзига хослиги имперарорни марказий ўринга қўйиб бутун ваколатларни унинг қўлида мужассамлашганлигида эди. Японлар бу қонунлар тўпламини ўзларига мослаб тўғирлашган ва вақт ўтиши билан уни ўзгартириб боришган. Ҳокимиятнинг кучсизланиши натижасида “Ритсу-рё” ўзининг қонун сифатидаги кучини йўқотиб борган. Шундай бўлсада мазкур қонунлар тўплами 19 асрнинг ўрталаригача, яъни Ғарбий Европа қонунларининг ўзлаштирилиши бошланган давргача давлат ишларини шакллантиришда асосий устқурма сифатида фойдаланиб келинган. Бу қонунлар тўплами икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисми “Ритсу” – жиноят ва жазо қоидаларидан иборат бўлган бўлса; иккинчи қисми “Рё” эса давлат ишларини ташкил этиш билан боғлиқ бўлган умумий қоидалардан, асосан, маъмурий ҳуқуқ ва процессуал қонунлардан иборат бўлган.
12 аср ўрталарида ҳокимиятни харбийлар эгаллайдилар ҳамда улар одат нормаларини амалга киритган бўлсаларда, давлатни бошқаришда “Ритсу-рё” қонун тўпламидаги нормалардан фойдаланганлар. 17 аср бошларида ўрнатилган Току-гава сёгунлиги 1868 йилда таназзулга учрайди ва ўрнига янги ҳукумат ўрнатилади. Ҳукуматнинг алмашиши, аслида, ҳокимиятнинг бир ҳарбийдан бошқасига ўтиши эди. Бу янги ҳукумат императорнинг аввалги мавқеини тиклаш ва бутун ҳокимиятнинг император қўлида марказлаштириш сиёсатини олиб борганлиги билан характерланади. 1868 йилдан то император Меи-жининг вафоти, яъни 1912 йилгача давом этган бу давр тарихда “Меи-жи даври” деб аталади.
Меи-жи ҳукуматининг асосий мақсади халқаро муносабатларда ўзаро тенг ҳуқуқли субъекти сифатида қатнашиш эди. Бунинг учун эса, даставвал, Току-гава сёгунлиги даврида гегемон Европа мамлакатлари билан имзоланган Япония учун фойдасиз бўлган ўзаро тенг муносабатларга асосланмаган битимни ўзгартириш талаб қилинар эди. Европа мамлакатлари бу битимни ўзгартириш учун Япониядан замонавий-европпача ҳуқуқ тизимининг ўрнатилишини талаб қилишган. Шунинг учун ҳам Япон ҳукумати тезлик билан Европпа ҳуқуқини ўрганишга тушушган.
Меи-жи даврининг биринчи ярмида асосан Франция ҳуқуқини ўзлаштиришга катта эътибор берилган. Ўша пайтда Европанинг энг кучли давлати бўлган Англиянинг ҳуқуқ тизимини ўрганиш ҳам шу даврда бошланган. Англиянинг ҳуқуқ тизими прецидент ҳуқуқига асослангани учун уни тезлик билан ўзлаштириб бўлмас эди. Шу сабабли у асосий ўзлаштирилувчи йўналиш бўла олмади. Франция нафақат давлат сифатидаги мавқеининг баландлиги жихатидан Англиядан кейинги ўринда туришлиги билан ва, балки ҳуқуқ тизимининг кодификацияланганлиги, айниқса ўз даврининг етук наъмунаси бўлган “Фуқаролик кодекси” нинг қабул қилинганлиги учун ҳам асосий ўзлаштирилувчи йўналишга айлана олди. Франция ҳуқуқини ўрганиш Току-гава сёгунлиги даврида бошланган бўлсада, Меи-жи ҳукумати даврида эса, франциялик ҳуқуқшунос олимларни жалб этиб ҳуқуқ тизимини кодекслаштириш бошланди. Натижада, биринчи бор европпача кодекс – “Жиноят кодекси” 1880 йилда қабул қилинади. Кейинчалик, 1890 йилда “Фуқаролик кодекси” ҳам ишлаб чиқилади, лекин у кучга кирмайди.
Меи-жи даврининг иккинчи ярмига келиб эса, Франция ҳуқуқининг гегемонлиги ўз кучини йўқотиб боради ва унинг ўрнини Германия ҳуқуқи эгаллай бошлайди. 1870-1871 йиллардаги уруш натижасида Германияда монархиянинг ўрнатилиши билан Германия ҳуқуқига қизиқиш янада ортади. Бу қизиқиш 1889 йили кучли монарх ваколатларини тан олувчи ва парламент ваколатларини қисқартирувчи германча Конституциянинг қабул қилинишига олиб келди. Бу Япониянинг биринчи Конституцияси эди.
1890 йил эълон қилинган франсузча “Фуқаролик кодекси” қаттиқ қаршиликларга учраб кучга кириши кечиктирилганидан сўнг Германия ҳуқуқига асосан ишлаб чиқилган янги “Фуқаролик кодекси” и 1898 йили кучга кирди. Шунинг билан Япон ҳуқуқ тизими буткулича Герман ҳуқуқи асосида ривожлан боради ва 90-йилларда қабул қилинган қонунлар, хусусан “Фуқаролик процессуал кодекси”(1890), “Тижорат кодекси” (1899), “Жиноят процессуал кодекси” (1890), “Судларни ташкил этиш тўғрисида” ги ва “Қамоқ тўғрисида” ги қонунлар Герман ҳуқуқи асосида яратилган эди. Хатто, Франция ҳуқуқи асосан ишлаб чиқилган “Жиноят кодекси” ҳам қайтадан Герман ҳуқуқи асосида тузатиб чиқилади. Шундай қилиб Япония замонавий кодексларни қабул қилади ва, ниҳоят, Току-гава сёгунлиги даврида имзоланган шармандали битимни ўзгартиришга эришади.
Шу тариқа, дастлаб Франция ҳуқуқини, кейинчалик эса Германия ҳуқуқини ўрганиш ва уни жорий этиш натижасида Японияда замонавий ҳуқуқ тизими шаклланади.
Иккинчи жаҳон урушидаги мағлубиятдан сўнг япон ҳуқуқ тизими англо-саксон ҳуқуқ оиласининг, айниқса АҚШ ҳуқуқининг таъсири остида ривожланди. Қонунчилик соҳасида ўтказилган ислоҳатлар натижада янги Конституция қабул қилинади ва “Фуқаролик кодекси”нинг оилавий муносабатлар бобига кўпгина демократик ўзгартиришлар киритилади ҳамда “Жиноят процессуал кодекси” тўлиғича ўзгартирилади. Шундай бўлсада, Япония континентал ҳуқуқ оиласига хос ҳуқуқ тизимини ҳозирги кунда сақлаб келмоқда.
“Меи-жи Конституцияси” [6]
Япониянинг биринчи Конституцияси 1889 йил 11 февралда эълон қилинган ва 1890 йил 29 ноябрда кучга кирган. Бу Конституцияни “Эски Конституция” ёки Меи-жи даврида қабул қилингани учун уни “Меи-жи Конституцияси” деб ҳам номлашади. У 7 боб, 76 моддадан иборат. Меи-жи Конституцияси Японияда конституцион монархия бошқарув шаклини ўрнатди. Бу Конституция император ваколатларининг кенглиги билан характерланади. 1890 йил биринчи бор вакиллар палатасига сайлов ўтказилади ва шу пайтдан бошлаб Япон парламентчилиги тарихи бошланади. Лекин, давлатни бошқариш ҳуқуқи фақатгина императорга тегишли бўлиб, Парламент эса, императорнинг қонун чиқаришида “ҳаммаслак орган” сифатидагина фаолият кўрсатарди. Хаттоки, Конституциянинг 8-моддасига биноан, император фавқулодда ҳолатларда қонун кучига эга Парламент тасдиғидан ўтиши талаб этилмаган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат чиқариш ҳуқуқига эга бўлган. Вазирлар Маҳкамаси императорнинг маъмурий ишларидаги “ёрдамчи орган” бўлган бўлса, судлар ўз ҳукмини император номидан чиқарган. Бундан ташқари император олий бош қўмондон сифатида ҳарбий қўшинни шакллантириш ва уруш эълон қилин ҳуқуқига эга бўлган. Меи-жи Конституцияси асосида тузилган Япон ҳукумати ташқи куринишидан демократик кўринсада, аслида ўрта аср Европасидаги абсолютизмга ўхшаш бошқарув шакли эди. Император “Худонинг ўғли” деб эълон қилинган ва унинг шахси дахлсиз эди. Император бошқарувини танқид қилиш ва унга қарши ҳаракатларни уюштириш таъқиқланган эди. Буни назорат қилиш учун, ҳаттоки, “Махсус Олий Политция” ташкил этилган эди.
Янги Конституция
Иккинчи жаҳон урушидаги мағлубиятдан сўнг оккупацион қўшинлар томонидан Японияда “қуролсизлантириш ва демократлаштириш” шиори остида ислоҳатлар ўтказилади. 1946 йил 3 ноябрда эълон қилинган ва 1947 йил 3 майда кучга кирган янги Конституция шу ислоҳатлар натижаси эди. Японияда ҳақиқий демократик бошқарув шакли шу санадан бошланган. Ҳозирда 3 май “Конституция куни” сифатида нишонланиб келинмоқда[7]. Шу пайтгача янги Конституцияга биронта ҳам ўзгартириш киритилмаган.
1946 йилги Япония Конституцияси лойиҳаси матни Америка оккупация қўшинлари штаби ҳуқуқшунослари томонидан тузилган эди[8]. АҚШ ҳуқуқшунослари ўз Конституцияларидан баъзи принципларини янги Япония Конституциясида ифодалашган. Масалан, ҳокимиятнинг бўлиниш принципи, Олий судга конституциявий назорат ваколатининг берилиши ва ўзини ўзи бошқариш институтининг тузилиши.
Янги Конституциянинг ўзига хос хусусияти:
олдинги Конституцияга нисбатан демократлилиги;
Конституцияда биринчи бор шахсий ва сиёсий ҳуқуқлар билан бир қаторда ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларнинг белгиланганлиги;
Уруш қилмаслик ва ҳар қандай халқаро муаммони тинч йўл билан ҳал этиши тўғрисидаги норманинг мавжудлиги (9-модда).
Император ваколатларининг кескин қисқартирилганлиги. Дунёдаги бошқа монархларга қараганда, ваколатлари нуқтаи назаридан, энг “кучсиз” монарх ҳисобланади.
Конституцияга ўзгартириш киритишнинг жуда қийинлиги. Конституцияга ўзгартириш ёки қўшимча киритиш учун, дастлаб, ҳар икки палата тўлиқ аъзоларининг 2/3 қисми буни ёқлаб овоз беришлари керак. Кейин эса, бу ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилган лойиха референдумда маъқулланса ёки янги таркибдаги парламентнинг 2/3 қисми бу лойихани тасдиқласагина кучга киради[9].
Император
Анъаналарга содиқ қолган ҳолда императорга бўлган хурматни ифодалаш мақсадида янги Конституциянинг биринчи боби императорга бағишланган бўлсада, 1-моддадаёқ “Император халқ бирлиги рамзи ҳисобланади ва унинг ҳуқуқий ҳолати суверенитетга эга халқ томонидан белгиланади”, - дейилган. Шундай қилиб императорнинг номигагина давлат бошлиғи эканлиги дастлабки модданинг ўзидаёқ белгиланиб қўйилган.
Амалдага қонун бўйича фақатгина ўғил болаларгина тахт вориси бўлишлари мумкин. Агар оилада бир нечта ўғил болалар бўладиган бўлса энг каттаси тахт вориси бўлади. Янги императорнинг тахтга келиши билан Японияда янги эра бошланади ва шу пайтдан бошлаб янги йил ҳисоби юритилади. Агар тахт вориси бўлмаса, янги монархни белгилаш Парламентга топширилади ва у хоҳлаган эркакни танлаб, янги шажарага асос солади.
Япон императорининг ваколатлари деярли нолга тенглаштирилган. Император давлат сиёсатига молик ишларни танҳо ҳал қилишдан четлаштирилган (4-модда)[10]. Давлат ишлари билан боғлиқ императорнинг ҳар бир ҳаракати Вазирлар Маҳкамасининг маслахати ва розилиги билангина амалга оширилиши мумкин ва улар учун Вазирлар Маҳкамаси жавобгар ҳисобланади (3-модда). Бундай ишлар рўйхати Конституциянинг 7-моддасида белгиланган бўлиб улар бор йўғи тўққизта. Уларнинг баъзилари қуйидагилар:
Парламентни чақириш;
вакиллар палатасини тарқатиб юбориш;
умумий парламент сайловини эълон қилиш;
чет эл элчиларини қабул қилиш.
Албатта, Бош вазирнинг розилигисиз император буларнинг биронтасини ҳам амалга ошира олмайди.
Шунингдек, император Парламентнинг тавсиясига биноан Бош вазирни хамда Бош вазирнинг тавсиясига биноан Олий Суд Раисини тайинлайди (6-модда).
Парламент
Япония бошқарув шакли парламентар конституцион монархия бўлгани учун Парламент давлат органлари ичида юқори ўринни эгаллайди. Хусусан, Конституциянинг 41-моддасида шундай дейилган: “Парламент ягона қонун чиқарувчи орган бўлиб, энг юқори давлат органидир”. Парламент Японияда “Коккаи” дейилади. Парламент икки палата: вакиллар ва маслаҳатчилар палаталаридан иборат (42-модда). Вакиллар палатаси қуйи палата бўлиб “Шюуги-ин”, маслаҳатчилар палатаси, яъни юқори палата эса “Санги-ин” деб номланади.
2000 йилдаги қонун билан, аҳоли сонидан қатъий назар, вакиллар палатаси депутатларининг сони 500 дан ормаслиги кераклиги белгиланди. Ҳозирда уларнинг сони 480 тани ташкил этади. Улардан 300 таси бир мандатли округдан мажоритар сайлов йули билан сайланса, қолган 180 нафар депутат эса, 11 та йирик округлардан прпопорционал сайлов йўли билан, аҳоли сонига қараб округлардан 7 нафардан 23 нафаргача, сайланади[11]. Вакиллар палатасининг ваколат муддати 4 йил. Вакиллар палатаси муддатидан олдин тарқатилиб юборилган тақдирдагина уларнинг ваколати тегатилади (45-модда).
Маслаҳатчилар палатаси 242 депутатдан иборат. Улар 6 йилга сайлансада ҳар 3 йилда қайта сайлов ўтказилиб депутатларнинг 50% и янгиланади. Вакиллар палатасидан фарқли ўлароқ маслаҳатчилар палатасини муддатидан олдин тарқатиб юбориш мумкин эмас.
Конституциянинг 54-моддасига биноан, агарда вакиллар палатаси тарқатилиб юборилган бўлса, тарқатиб юборилган кундан бошлаб 40 кун ичида вакиллар палатасига сайлов ўтказилиши керак. Сайлов ўтган кундан бошлаб 30 кун ичида Парламент чақирилиши керак. Парламентнинг навбатдаги чақируви бир йилда бир марта ўтказилади(52-модда).
Қоида тариқасида қонун лойиҳаси иккала палата қабул қилгандан сўнг кучга киради. Агарда маслаҳатчилар палатаси қабул қилган қонун лойиҳасини маслаҳатчилар палатаси қайтарса, қонун лойиҳасининг кучга кириши учун маслаҳатчилар палатасининг камида 2/3 қисми уни қайтадан маъқуллаши талаб этилади(59-модда).
Вакиллар палатасига сайланиш ҳуқуқи 25 ёшга, маслаҳатчилар палатасига 30 ёшга тўлгандан кейин вужудга келади. Вакиллар палатасига номзоди қўйилган шахслар 3 млн. иен миқдорида гаров қўйишлари керак. Агар номзод округ квотасида кўрсатилган овознинг 1/5 қисмини йиға олмаса гариви қайтарилмайди. Маслаҳатчилар палатасига номзодлар эса 2 млн. иен миқдорида гаров қўядилар[12].
Вазирлар Маҳкамаси
Вазирлар Маҳкамаси ( япон тилида “НАЙКАКУ”) ижро ҳокимиятини амалга оширади (65-модда) ва Парламент олдида коллектив ҳисобдор(66-модда). Вазирлар Маҳкамаси: бош вазир, 12 вазир ва 8 та давлат вазирларидан (бош вазирнинг маслаҳатчилари ҳисобланувчи портфелсиз вазирлар) иборат. Бош вазир ва бошқа давлат вазирлари ноҳарбий бўлишлари шарт (66-модда). Конституция бўйича вазирларнинг камида 50% парламент аъзоларидан тайинланиши керак. Бош вазир ўз хоҳишига кўра давлат вазирларини лавозимларидан озод этиши мумкин (68-модда).
Бош вазирнинг сайланиш жараёни Конституциянинг 67-моддасида белгилаб ўтилган бўлиб, унга кўра, “Бош вазирнинг номзоди Парламент резолюцияси билан Парламент аъзолари орасидан илгари сурилади. ...Агар вакиллар палатаси ва маслаҳатчилар палатаси ҳар ҳил резолюция қабул қилса ва палаталарнинг умумий йиғилишда ҳам музокарага келинмаган бўлса ёки вакиллар палатаси номзодни кўрсатиш тўғрисидаги қарор қабул қилганидан сўнг 10 кун ичида, Парламент иш вақтидан ташқари дам олиш кунлари ҳисобга олинмаган ҳолда, маслаҳатчилар палатаси ўз номзодини кўрсатмаса, вакиллар палатасининг қарори Парламент қарорига айланади”.
Конституциянинг 69-моддасига мувофиқ, агар вакиллар палатаси Вазирлар Маҳкамасига ишончсизлик ёрлиғини билдирса ёки ишонч ёрлиғини рад этса Бош вазир қуйидаги ҳаракатлардан бирини амалга ошириши керак:
10 кун ичида вакиллар палатасини тарқатиб юбориш;
тўлиқ таркибда истеъфога чиқиши (агар биринчи ҳаракатни амалга оширмаса).
Бундан ташқари яна қуйидаги ҳолларда Кабинет истеъфога чиқиши керак:
Бош вазирнинг ўрни бўш қолса;
вакиллар палатасига ўтказилган умумий сайловдан кейин Парламентнинг биринчи сессияси чақирилса (70-модда).
Конституциянинг 69-70-моддаларида кўрсатилган ҳоллар вужудга келса, Вазирлар Маҳкамаси ўз иш фаолиятини янги бош вазир тайинланмагунча давом эттиради (71-модда).
Бош вазир давлатлараро ва ҳукуматлараро битимларни имзолайди. Давлатлараро битимлар Парламент ратификациясидан ўтиши шарт бўлса, ҳукуматлараро битим эса бу нарса шарт эмас. Шунинг учун ҳам Япон ҳукумати хоҳлаган битимни ҳукуматлараро деб, Парламент ратификациясини айланиб ўтиши мумкин[13].
Японияда вазирлар ўзлари бошқараётган соҳанинг мутахассислари бўлишмайди. Улар ўз партияларининг манфаатларини ҳимоя қилувчи сиёсатчидирлар. Ҳар бир вазирда шу соҳанинг ҳақиқий мутахассиси бўлган маъмурий ишлар бўйича ўринбосари бўлади[14].
Суд тарихи
Японияда 1923 йилги қонун билан маслаҳатчилар иштирокидаги суд тизими (суд присяжных) ташкил этилган. Бундай суд тизимида судьядан ташқари 12 нафардан иборат суд маслаҳатчилари бўлиб, улар 30 ёшга тўлган, маълум бир миқдордаги солиқни тўлаган эркаклар орасидан танланган. Япониядаги бу суд тизимининг бошқа маслаҳатчилар иштирокидаги суд тизимлардан фарқи судьянинг суд маслаҳатчилари чиқарган қарор билан чегараланмаслигида. Агарда суд маслаҳатчиларининг қарори судьяни қониқтирмаса, судья суд маслаҳатчиларини тарқатиб ўрнига янгисини чақириши мумкин бўлган.
1929 йил бундай суд томонидан йилига 143 та иш кўрилган бўлса, 1938 йилдан бошлаб кейинги 5 йил давомида йилига тўртта ва, ҳатто, биттагина ишлар кўрилган. Маслаҳатчилар иштирокидаги суд тизими ўз аҳамиятини йўқотиб боргани учун 1943 йилга келиб бу суд тизими бекор қилинади. Йигирма йил мобайнида ҳаммаси бўлиб 484 та иш кўрилган[15].
Японияда 2004 йил май ойида янги суд тизими – “САЙБАНИНСЕИ” ни жорий қилиш тўғрисида қонун чиқарилди. Бу янги суд тизими 2009 йил май ойидан фаолият кўрсата бошлайди. Бу суд тизими фақат маълум бир жиноят ишларига нисбатангина тадбиқ этилаб, унга кўра ишларни кўришда судья билан бир қаторда сайбанин – оддий халқ орасидан танлаб олинган вакиллар, иштирок этади. Бу суд қуйидаги ишларни кўради:
босқинчилик жинояти, агар унинг натижасида тана жарохати етказилса ёки ўлимга олиб келса.
Одам ўлдириш жинояти;
Етказилган жарохат шахснинг ўлимига олиб келган жиноятлар;
Маст ҳолатда траспорни бошқариб, шахсни уриб юбориши унинг ўлимига сабаб бўган жиноятлар;
Одам яшайдиган уйни ёқиб юбориш жинояти;
Пул олиш мақсадида одам ўғирлаш жинояти;
Хавф остида қолдириш одам ўлимига сабаб бўлган ва бошқа оғир жиноятлар.
Лекин, халқ вакилларига, уларнинг оиласи ёки қариндошларига зарар етказилиши хавфи бор ишларни судьянинг ўзи, халқ вакиллари иштирокисиз, кўриб чиқади. Шунингдек, халқ вакиллари фақат биринчи инстанциядагина қатнашадилар. Улар иштирокидаги иш юқори суд томонидан қайта кўрилса ҳам бу ишда халқ вакиллари қатнашмайди[16].
Қоида тариқасида ишлар 6 нафар халқ вакили ва 3 нафар судьядан, қонунда белгиланган алоҳида ҳолларда эса 4 нафар халқ вакили ва 1 нафар судьядан иборат таркибда кўрилади. Халқ вакиллари судьялар билан биргаликда далилларни текширади, судланувчининг айбдор ёки айбсизлигини, агарда айбдор бўлса қандай жазо тайинланланишини белгилайди. Шунингдек, гувоҳ ва судланувчига савол беришлари мумкин[17].
6 нафар халқ вакили ва 3 та судьянинг бирон бир қарор*га келиши учун кўпчилик, яъни камида 5 кишининг бир ҳил хулосага келиши талаб этилади. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг айбдорлиги тўғрисидаги қарор ҳам оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинсада, унинг ўзига хос хусусияти шундаки, кўпчиликни ҳам халқ вакилилари, ҳам судьялардан иборат таркиб ҳосил қилиши талаб этилади. Акс ҳолда, “айбдор” деган қарорни чиқариб бўлмайди. Масалан, “айбдор” деган хулосага келган 5 киши фақат халқ вакилларидан иборат бўлса, гарчи кўпчиликни ташкил қилсада, судланувчининг айбдорлиги тўғрисидаги ҳукмни чиқариб бўлмайди ва у айбсиз деб эълон қилинади. Чунки, кўпчиликни ташкил қилганлар фақат халқ вакилларидан иборат, агар “айбдор” деган хулосага келган 5 кишининг орасида ҳеч бўлмаганда битта судья бўлганда эди судланувчининг айбдорлиги тўғрисидаги ҳукмни чиқарса бўларди.
СУД ТИЗИМИ
|
ОЛИЙ СУД ( 1та ) охирги суд инстанцияси; суд тизимини бошқарувчи энг юқори орган; фуқаролик ва жиноят ишларини кўради;
|
|
ЮҚОРИ СУД (8 та марказий ва 6 та маҳаллий бошқарма)
|